VclxPsw4SbvQmj4mnKVBUg5uBApjtWoH_front

Йўлланма билан ишга борганлар рад қилинса, корхона жаримага тортилади

Йўлланма билан ишга борганлар рад қилинса, корхона жаримага тортилади

“Тушлик учун кунига ўртача 15 минг сўм сарфласа, бир ойда 400 минг сўм атрофида бўлади. Битта транспортда қатнаш учун йўл кира 80 мингдан ошади. Коммунал тўловлар бор. Бозор-ўчар қилиш керак оилани боқиш учун. Энди ҳисоблаб кўринг, бандлик марказларида таклиф қилинаётган вакант ўринларнинг маоши 700-800 минг сўм ва у нимага етади? Маошдан маошга эҳтиёжлардан орттириб 400-500 минг сўм жамғара олмасангиз, бундай ишдан нима фойда?”

Бу Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармасига иш қидириб келган Ёқутхоннинг фикрлари.

Ёқутхон каби иш қидириб юрган бир неча ёшлардан қанча маош бўлганда ишлаган бўлардингиз, деган саволимизга 2,5-3,5 миллион атрофида иш ҳақи берилса, жон деб рози бўлишларини айтишди.

Биздаги маълумотларга кўра, ҳозир Тошкент шаҳрида 75 мингдан кўпроқ бўш иш ўрни мавжуд. Иш қидираётган ва ишсизлик рўйхатида турганлар сони эса 110 минг нафарни ташкил этади. Жорий йилнинг январь ойида эса бандлик марказига мурожаат қилганлар сони 2 минг 227 нафарни ташкил этган.

Айни вақтда уларнинг қанчасини ишга жойлаштириш мумкин? Ташкилотлар яхши маошли иш ўринларини атайлаб бекитадими? Ҳозир шаҳардаги ёшларнинг нечи фоизи иш билан қамраб олинган ва улар орасида ишсизлик даражаси қандай?

Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойгул Сатторова билан суҳбатимизда ана шу саволларга жавоб изладик.

– Биз иш қидирганларнинг 100 фоиз бандлигини таъминлаш имконига эгамиз, –дейди О.Сатторова. – Лекин бу уларнинг хоҳишига ҳам боғлиқ. Негаки, биз таклиф қиладиган ишлар бюджет ташкилотлари бўлиб, уларда хусусий корхоналарга нисбатан ойлик маошлар камроқ. Бизда кўпроқ халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим каби тизимда вакант ўринлар бўлади. Бу жойлар олий маълумот ва малака талаб этади. Келаётган ёшларни бу жойларга юбормоқчи бўлсак, ёки малакаси етарли бўлмайди, ёки маълумоти тўғри келмайди.

– Иш қидираётганлар 600-700 минг сўмлик маошга ишлашни хоҳламаслигини айтишади. Ташкилотлар бандлик марказларига атайлаб маоши кам иш ўринларини юборадими ёки… буни қандай изоҳлайсиз?

– Биз иш сўраб келганларга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бизда кўрсатилгани қуруқ маошнинг ўзи. Фуқаро салоҳиятидан келиб чиқиб, 2-3 ой ишлагандан кейин қўшимча рағбатлантирилиб борилади. Ишлаган йилига қараб қўшимча иш ҳақи ҳам ошиб боради.

Ойлик маоши яхши бўлган ўринларни беркитиш ҳолати ҳам кўп кузатилган. Ҳозир ягона меҳнат тизими яратилган ва у орқали идоралар текширилмоқда. Биз ишга йўлланма берганимиздан кейин корхона рад қилса, буни асослаб бериши керак. Агар, асоссиз рад қилса ёки жой тўлиб қолди, дейдиган бўлса, жаримага тортилади. Мисол учун, яқинда туғруқхоналардан бирида тозалаш ишлари учун учта вакант борлиги маълум бўлди. Одам юборсак, жой тўлди деган жавоб келди, биз буйруқ ва ишга олинган одамнинг ҳужжатларини сўраганимиздан кейин улар биз юборган одамларни ишга олишга мажбур бўлди. Бундай ҳолатлар ҳақиқатда учрайди.

– Негадир одамлар давлат ташкилотида ишлашдан кўра, хусусий ташкилотларни маъқул кўришади. Сизлардан ҳам шундай иш сўрайдиганлар кўп бўлса керак?

– Албатта. Хусусий ташкилотларда маълумот эмас, малака талаб этилади. Шу боис, биз иш қидириб келган фуқарога фақатгина йўлланма бермасдан, иш берувчи билан боғлаяпмиз. Чунки, йўлланма берсак-у уларни назорат қилмасак, ишимизнинг натижаси бўлмаслиги мумкин. Чунки, фуқаро ташкилотга борганда, унинг малакаси етарли бўлмайди ёки нимадир сабаб туфайли ишга кира олмайди. Натижада сарсон бўлиб юраверади. Шунинг учун, уч тарафлама келишув қилиб, корхонага бориб, жойида суҳбат қилиб, ишга жойлаштириб, назорат қилиш яхши самара бермоқда.

– Баъзида малакаси, касби тўғри келмайди, деб ўтдингиз. Касби тўғри келмаса, қайта тайёрлаш имкони бор. Адашмасам, ҳудудларда бундай марказлар фаолияти йўлга қўйилган эди.

– Бизда касбга қайта тайёрлаш бор. Айтайлик, мактаб ўқувчиси мактабни битиргач, ўқишга кира олмади. У иш сўраганда қоровул ёки фаррош қилиб юборсак ҳам меҳнат муҳофазасини билиши керак. Шунинг учун, ёшларнинг малакасини ошириш учун барча туманларда қисқа ўқитиш курслари йўлга қўйилган. Дурадгорлик, тикувчилик, ошпазлик, бухгалтерия каби 30 ортиқ йўналишда таълим берилади. Бу марказлар бепул ўқитиши билан бирга ойлик стипендия ҳам тўлаймиз.

– Ҳозир ёшлар орасида ишсизлик даражаси қандай ва шаҳардаги ёшларнинг нечи фоизи иш билан қамраб олинган?

– Пойтахтда икки ярим миллиондан ортиқ аҳоли бўлса, унинг ишга лаёқатлиси 1,5 миллион. Шундан 1,2 миллион аҳолининг бандлиги таъминланган. Демак, 300 мингга яқинига иш керак. Унинг эса 50 фоизи ёшлардан иборат.

– Бу ёшларнинг ишлашни хоҳламаётганига нима сабаб бўлмоқда?

– Бир сўзимиз бор, кўпчиликка, жумладан, ўзимга ҳам ёқмайди – уюшмаган ёшлар деймиз. Агар малакаси етмаса, ўқитиб ҳам берамиз. Асосий муаммо, ёшларнинг ишлагиси келмаётгани. Яқинда Мудофаа вазирлиги билан ана шундай ёшларни “Ватанпарвар” ташкилотларида ўқитиш, уларни касбга қизиқтириш учун дастур ишлаб чиқдик. Энди уларни Чирчиқдаги полигонларга машқ қилдириб, қизиқишларига яраша иш топиб беришга ҳаракат қилмоқдамиз.

– Хўп, ана шундай ёшларга бандлик маркази иш ҳам топиб берди. Малакаси, айтайлик маоши ҳам тўғри келди. Лекин ўша ташкилотда ишлай олмаган ҳолатлар бўлганми?

– Бунақаси ҳам бўлган. Олдин марказимизга иш сўраб келган ёшлар йўлланмани олиб кетарди. Ишга кирдими ёки бир неча кун ишлаб, кетиб қолдими, ҳеч ким билмас эди. Ҳозир мониторинг олиб борилмоқда. Агарда 2-3 ой ишласа, ишлаб кетади. Муаммо туғилса, 2-3 кунда кетиб қолади. Шунинг учун 3 ой мониторинг қилинади.

Тўлиқ суҳбат мазмуни билан видеода танишишингиз мумкин.

Bu makaleyi paylaş

Share on facebook
Share on google
Share on twitter
Share on linkedin
Share on pinterest
Share on print
Share on email